Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мусобақаси ...

  • Home
  • /
  • Page
  • /
  • Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мусобақаси ...
26 - February 2021

Қибрай туманида, “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида Олимпия шаҳарчаси қурилади. Осиё Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 та мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.

Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мусобақаси Тошкентда ўтказилади.

25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Улардан бири – Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида 155 гектарлик боғ барпо этиш лойиҳаси. Уни ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. Бу боғ фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Бу пойтахтимиз экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган “яшил ҳудуд” бўлади.

Мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда. Маълумки, Осиё Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 та мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.

Айтиш жоизки, бундай нуфузли халқаро мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба ўтказилади. Давлатимиз раҳбари бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч эканини, ушбу мусобақага ҳозирдан бошлаб пухта тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлаган эди.

Шу мақсадда 160 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Чирчиқ дарёсининг 5 километрдан зиёд қисмида қирғоқларни тартибга келтириб, эшкак эшиш бўйича мусобақалар учун зарур шароит яратиш мўлжалланган. Унинг бўйларида эса 270 гектарлик парк этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Қибрай туманининг ушбу ҳудудида 2 та университет, шифохона, экспо, савдо ва кўнгилочар марказ бинолари жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.

 

Президент лойиҳаларни сифат ва қулайлик жиҳатидан такомиллаштириш, иншоотларни қуришда жаҳондаги энг илғор тажрибаларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.