1-октябр – Фидойи устозларимиз байрами!
Ҳурматли профессор-ўқитувчилар ва азиз устозлар!
1-октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан сизни чин қалбимдан табриклайман!
2019-йилдан буён биргаликда фидокорона меҳнат қилиб келаётганимизга ҳам 5 йилдан ошди. Шу йиллар мобайнида сиз, азиз устозларимиз, ўз билим ва тажрибангизни аямасдан, халқимиз фарзандларини билимли, тарбияли ва ватансевар этиб вояга етказишда улкан хизмат қилдингиз. Биз филиалимизни илк қадамларидан бошлаб ривожлантириш йўлида бирга бўлдик, қийинчиликларни енгиб ўтдик ва янги марраларни забт этдик. Сизларнинг бу йўлдаги сабр-тоқатингиз ва фидойилигингиз алоҳида таҳсинга лойиқдир.
Устоз – бу нафақат билим берувчи, балки қалбларга нур сочувчи, инсонни тўғри йўлга бошловчи, ҳаёт сабоқларини ўргатувчи буюк зотдир. Сизларнинг ибратли ҳаёт йўлингиз, тинимсиз изланишингиз ва меҳрибон қалбингиз туфайли филиалимиз ютуқлари халқимиз ва ёшларимиз қалбида мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.
Самарқанд филиалининг бугунги нуфузи ва обрў-эътибори – бу сизларнинг фидокорона меҳнатингиз самараси. Ҳар бир лойиҳамиз, эришган ютуқларимиз, халқаро ҳамкорликларимиз ва ўқув жараёнидаги муваффақиятларимиз ортида сизнинг фидойилигингиз мужассам. Мен бундай билимдон, садоқатли ва фидойи жамоа билан ёнма-ён ишлаётганимдан чексиз фахрланаман!
Сизларга сиҳат-саломатлик, бардавом куч-ғайрат, илмий ва ижодий фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, оилавий фаровонлик ва бахт-саодат тилайман. Юртимиз келажаги учун қилаётган хизматларингиз доимо қадрланади ва эъзозланади.
Ҳурмат ва эҳтиром ила,
Олим Муртазаев
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Самарқанд филиали директори




















O'zbekcha
Русский
English