Академик ёзги мактаб ўз фаолиятини муваффақиятли якунлади.
Мазкур ёзги мактаб Регионал Сcиенcе Ассоcиатион Интернатионал (РСАИ) ва Ипак йўли туризм ва маданий мерос халқаро университети билан ҳамкорликда ўтказилди. Ёзги мактабнинг асосий мавзуси академик ёзув ва илмий тадқиқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унга иқтисодиёт, ижтимоий фанлар, барқарор қишлоқ хўжалиги, туризм, тадбиркорлик ва фазовий иқтисодиёт соҳаларида изланиш олиб бораётган ёш тадқиқотчилар ва ПҳД изланувчилар жалб қилинди.
Дастур беш кун давомида халқаро ва маҳаллий олимлар иштирокида интерактив маърузалар, амалий семинарлар ва муҳокамалар шаклида олиб борилди. Дастурда Ўзбекистон, АҚШ, Ҳиндистон, Португалия ва бошқа мамлакатлардан таниқли профессорлар ўз маърузалари билан қатнашиб, иштирокчиларга барқарор ривожланиш, минтақавий иқтисодиёт, туризм стратегиялари, халқаро илмий нашрлар учун мақола ёзиш, тадқиқот методологияси каби долзарб мавзулар бўйича чуқур билим ва тажриба улашдилар. Жумладан, Проф. Томас Дентинҳо (Португалия) генерализацияланган Қ таҳлили ва минтақавий фанлар бўйича қизиқарли сессияларни олиб борди. Др. Фарҳод Аҳроров (Ўзбекистон) томонидан барқарор қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти мавзусида маъруза тақдим этилди. Шунингдек, Проф. Абдул Шабан (Ҳиндистон) тадқиқот методологияси бўйича назарий ва амалий билимлар билан бўлишди.
Ёзги мактаб доирасида иштирокчиларга Самарқанднинг тарихий обидаларига саёҳат ҳам ташкил этилди. Дастур якунида барча иштирокчиларга расмий сертификатлар топширилди.
Ушбу ёзги мактаб академик салоҳиятни ошириш, халқаро илмий алоқаларни кенгайтириш, ҳамда ёш тадқиқотчиларни илмий фаолиятга рағбатлантириш борасида муҳим қадамлардан бири бўлди. Дастур давомида шаклланган дўстона муҳит, мазмунли тақдимотлар ва фаол иштирокчилар орқали ёзги мактаб ўз олдига қўйган мақсадларига тўлиқ эришди.



















O'zbekcha
Русский
English