Экофаол талабалар семинар-тренинги ўтказилди
ТДИУ Самарқанд филиалида 2025-йил 5-декабр куни “Экофаол талабалар” бўлими ҳамда “Эковолонтёр талабалар ҳаракати” ташаббуси билан “Эко-этика ва экологик маданият” мавзусига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади талабалар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, эко-этика тамойилларини тарғиб қилиш ва ёшларнинг экологик муаммоларни ҳал этишда фаол қатнашувини таъминлашдан иборат бўлди.
Семинарда “Эковолонтёр талабалар ҳаракати” аъзоси, Ёшлар иттифоқининг Иқтисодиёт факультети координатори, BB-124 гуруҳ талабаси Жамолиддинова Нигинабону ҳамда “Экология ва яшил иқтисодиёт” талабалар илмий фан клуби раҳбари, доцент З.С. Бобомуродов маърузалар билан иштирок этдилар. Маърузачилар экологик онгни шакллантириш, яшил иқтисодиёт тамойиллари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ва талабалар ташаббусларининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Тадбир давомида экологик маданиятнинг жамиятдаги ўрни, атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш, экологик лойиҳаларни амалга ошириш, волонтёрлик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича амалий тавсиялар берилди. Талабалар экологик лойиҳаларни режалаштириш, ташаббусларни амалга ошириш механизмлари ва муаммоларни ҳал этишда замонавий ёндашувлар билан танишдилар.
Ушбу семинар-тренинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 15-майдаги PQ–184-сон қарори билан тасдиқланган “2030-йилгача экологик маданиятни юксалтириш концепцияси” доирасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, филиалда экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.



















O'zbekcha
Русский
English


