“Карера куни” меҳнат ярмаркаси: Битирувчиларга янги имкониятлар эшиги очилмоқда
ТДИУ Самарқанд филиали битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини таъминлаш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ушбу тадбирнинг асосий мақсади битирувчилар билан иш берувчи ташкилотлар ўртасида бевосита алоқа ўрнатиш, корхоналардаги янги талаблар билан таништириш ҳамда талабаларга амалиёт ўташ ва ишга жойлашишлари учун қулай шароитлар яратишдан иборат.
Тадбир доирасида “Карьера куни” ва меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, битирувчилар корхона ва ташкилотлар вакиллари билан мулоқотда бўлишди. Ярмаркада 60 га яқин ташкилотлар, жумладан олий таълим муассасалари, вилоят ҳокимлиги, тегишли бошқармалар, тижорат банклари, давлат ва хусусий сектор вакиллари, ИТ компаниялар раҳбар ва мутахассислари бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Хусусан, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, Вилоят солиқ бошқармаси, Вилоят статистика бошқармаси, Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, “Узтелеком” АК Самарқанд филиали, “САМ АНТEП ГИЛАМ” қўшма корхонаси, “Дринкс Спиритс Дистрибутион” МЧЖ, “ФИНАЛЛИАНCE” МЧЖ, “ИнфинБанк” АТБ, “ТРАСТБАНК”, АТБ “Ипотекабанк”, АТБ “Ҳамкорбанк”, АТБ “Алоқабанк”, “Самарканд Строй Сервис” МЧЖ, “ФАМАЛЛ” МЧЖ ва “Тоза Сув АСИ” МЧЖ каби корхоналардаги вакант иш ўринлари бўйича сўровномаларда битирувчи талабалар фаол иштирок этди.
Ярмарка давомида битирувчилар ўзларига мос иш ўринлари билан танишиш, иш берувчиларга ўз резюме ва маълумотларини топшириш, суҳбатлардан ўтиш имкониятига эга бўлишди. Кўплаб талабалар жойида ишга қабул қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришдилар. Бу эса тадбирнинг самарадорлигини яна бир бор намоён этди. Ташкилотлар вакиллари томонидан талабалар билим савияси, касбий тайёргарлиги ва ташаббускорлиги юқори баҳоланди. Шу билан бирга, айрим корхоналар ўз эҳтиёжларига мос келувчи мутахассисларни танлаб олиб, уларга амалиёт ўташ ва кейинчалик доимий ишга қабул қилиш таклифларини билдиришди.
Тадбир якунида сўзга чиққан мутасаддилар бу каби ташаббусларнинг нафақат битирувчилар учун, балки иш берувчилар учун ҳам манфаатли эканлигини таъкидлаб, “Карьера куни” ярмаркасини мунтазам равишда ўтказиб бориш зарурлигини қайд этишди.
ТДИУ Самарқанд филиали раҳбарияти келгусида бу каби тадбирларнинг кўламини кенгайтириш, хорижий компанияларни ҳам жалб қилиш, шунингдек, турли йўналишлардаги семинар-тренинглар орқали битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришни режалаштирмоқда.



















O'zbekcha
Русский
English




