ТДИУ Самарқанд филиали ва WUST ҳамкорлиги янги босқичда
2025-йил 20-ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали доценти Бобур Собиров АҚШнинг Виржиния штатида жойлашган Washington University of Science and Technology (WUST) университетига расмий ташриф билан борди. Ушбу ташриф икки олий таълим муассасаси ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ва илмий-таълимий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Ташриф давомида меҳмонларга WUST университетининг замонавий ўқув инфратузилмаси, лабораториялар, компьютер марказлари, интерактив аудиторiyalar, онлайн таълим платформалари, талаба ва ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар бўйича батафсил маълумот берилди. Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи рақамли платформалар билан ҳам танишилди.
WUSTнинг Triple Mission (Диплом – Кўникмалар – Иш билан таъминлаш) ва Triple A (Аккредитацияланган – Арзон – Осон кириш мумкин) тамойиллари асосида шаклланган таълим экотизими талабаларга нафақат юқори сифатли билим, балки дунё бозорида рақобатбардош бўлиш учун зарур кўникмаларни ҳам тақдим этади. Университетнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган онлайн MBA дастури эса замонавий бошқарув соҳасида чуқур билим олиш имконини яратади.
Ташриф якунида томонлар Memorandum of Understanding (MoU) имзолашга келишиб олдилар. Меморандум қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
-
қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш;
-
профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш;
-
магистратура ва PhD таълим йўналишларида қўшма илмий раҳбарлик;
-
Double Degree қўшма диплом дастурларини ишга тушириш;
-
семинарлар ҳамда ёзги ва қишки мактабларни биргаликда ташкил этиш.
Мазкур ҳамкорлик ТДИУ Самарқанд филиали ва WUST ўртасида илмий салоҳиятни ошириш, халқаро таълим стандартларини жорий этиш ва талабалар учун янги имкониятлар яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Яшил иқтисодиёт ва барқарор бизнес бўйича ўтказилган мулоқотлар эса Ўзбекистон–АҚШ таълим алоқаларининг янада мустаҳкамланишига замин яратади.






















O'zbekcha
Русский
English