"Яшил иқтисодиёт" фанидан очиқ дарс ўтказилди.
2024-йил 28-ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида углерод бозори мавзусида очиқ амалий дарс ташкил этилди. Дарсни "Яшил иқтисодиёт ва барқарор бизнес" кафедраси ассистенти Сайдуллаев А. олиб борди. Ушбу дарсда углерод бозорининг иқтисодий, экологик ва ижтимоий таъсирлари, корхоналарнинг фойдасини максималлаштириш жараёнида дуч келадиган имконият ва чекловлар чуқур таҳлил қилинди.
Углерод бозори ҳозирги даврда глобал муаммолардан бири бўлган иқлим ўзгаришига қарши курашда муҳим роль ўйнайди. Ушбу дарс давомида талабалар ушбу бозор механизмларини тушуниб, углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича корхоналарнинг қабул қиладиган стратегик қарорларини қандай амалга ошириш кераклиги борасида кенгроқ тасаввурга эга бўлишди. Сайдуллаев А. углерод бозори орқали чиқиндилар ҳажмини бошқариш ва иқтисодий самарадорликни оширишнинг долзарб жиҳатларини амалий мисоллар орқали тушунтириб берди. Дарснинг асосий қисмларидан бири сифатида талабалар углерод савдоси тизими асосида ўтказилган симуляцион ўйинда фаол иштирок этдилар. Ушбу ўйин орқали талабалар корхоналарнинг углерод квоталарини бошқариш, савдолашув жараёнларини амалга ошириш ва қарорлар қабул қилиш бўйича амалий машқлар бажардилар. Талабалар симуляцион ўйинда квоталарни оптимал бошқариш орқали чиқиндиларни камайтириш ва фойдани ошириш усулларини таҳлил қилишди. Бу жараён уларга назарий билимларини амалиётда синаб кўриш имконини берди.
Дарс давомида углерод бозорининг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва экологик жиҳатлари ҳам таҳлил қилинди. Углерод савдоси тизими орқали корхоналар нафақат ўз иқтисодий фойдасини ошириши, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Талабалар ўз мустақил таҳлиллари орқали келажакда углерод бозори жараёнларини бошқариш ва улардан унумли фойдаланиш борасида янги ғояларни шакллантиришди.
Мазкур очиқ амалий дарс талабалар учун нафақат назарий, балки амалий билим ва кўникмаларни эгаллашда катта аҳамият касб этди. Ушбу дарс орқали улар яшил иқтисодиётнинг корхоналар фаолиятидаги ўрни ва аҳамиятини чуқурроқ тушуниб, углерод бозорида қандай қарорлар қабул қилиш кераклиги ҳақида амалий билимга эга бўлишди.



















O'zbekcha
Русский
English


